| Ўзбекча   Русский
Диққат! Портал тест режимида ишламоқда!

Давлат рақобат қўмитаси асосий вазифа ва функциялари

Давлат рақобат қўмитаси асосий вазифалари

  • хусусийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш, хўжалик юритувчи субъектларнинг устав жамғармаларидаги давлатга тегишли активларни ҳамда акциялар пакетлари (улушлари)ни хусусий мулкка сотиш, давлат мулкининг хусусий мулк эгаларига сотилишида очиқлик ва ошкораликни таъминловчи давлат мулкидан чиқаришнинг янги шакл ва усулларини жорий этиш, инвесторлар томонидан қабул қилинган инвестиция мажбуриятларининг улар томонидан бажарилиши устидан мониторинг олиб бориш бўйича тизимли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
  • энг авваало, акциядорлик жамиятларининг капиталлашуви ва рентабеллиги ўсишини рағбатлантириш ҳисобига фонд бозорини, айниқса иккиламчи фонд бозорини ривожлантириш, тадбиркорлар ва аҳолининг хабардорлигини кенгайтириш, уларнинг биржа операцияларида фаол иштирокини таъминлаш бозор инфратузилмасини янада такомиллаштириш, савдоларни электрон шаклда ўтказишга тўлиқ ўтиш чора-тадбирларини тизимли асосда амалга ошириш;
  • акциядорлик жамиятларини бошқаришда акциядорларнинг ва кузатувчи кенгашларнинг ролини тубдан оширишга, миноритар акциядорларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлашга, корхоналарнинг молия-хўжалик фаолияти натижалари юзасидан ижро этувчи органларнинг акциядорлар олдидаги масъулиятини кучайтиришга йўналтирилган корпоратив бошқарув тизимини янада такомиллаштириш;
  • монополияга қарши самарали тартиботлар ўрнатиш ҳамда товар ва молия бозорларида рақобат чекланишига йўл қўймаслик чора-тадбирларини амалга ошириш, рақобат ва табиий монополиялар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш бориш;
  • рақобат муҳитини ривожлантириш учун қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш ва зарур шарт-шароитларни шакллантириш, товарлар (ишлар, хизматлар) бозорларида, биринчи навбатда ички истеъмол бозорида ва реклама соҳасида инсофсиз рақобатга чек қўйиш чора-тадбирларини амалга ошириш, жамоат тузилмалари билан яқиндан мувофиқлаштирилган ҳолда истеъмолчиларнинг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш;
  • паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарнинг молиявий-иқтисодий ҳолатини чуқур таҳлил қилиш, уларни, биринчи навбатда, янги инвесторларни жалб этиш, модернизациялаш ва технологик қайта жиҳозлаш, маҳсулот таннархини пасайтириш ва ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш, янги рақобатбардош маҳсулот турларини ўзлаштириш ҳисобига молиявий соғломлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
  • иқтисодий ночор корхоналарни таркибий ўзгартириш ва банкрорт қилиш борасидаги функцияларни бажариш, судгача ва суд санациясини ўтказиш, банкрот корхоналарнинг ташқи бошқаруви бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш.

Давлат рақобат қўмитаси асосий функциялари

а) хусусийлаштириш объектларини сотишдан олдин тайёрлаш ва реализация қилиш, инвесторлар томонидан мажбуриятлар бажарилиши мониторингини олиб бориш соҳасида:

  • ностратегик корхоналарда давлатнинг иштирокини қисқартиришни таъминлайди;
  • манфаатдор давлат органлари ва хўжалик бирлашмаларини жалб этган ҳолда хусусийлаштириш бўйича давлат дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади ҳамда уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;
  • хусусийлаштириш объектларини сотишдан олдин тайёрлашни амалга оширади ва хусусийлаштиришнинг, шу жумладан, иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари корхоналарининг, аниқ инвестиция мажбуриятлари эвазига бепул бериладиган объектларни хусусийлаштиришнинг шартномавий шартларини белгилайди;
  • хусусийлаштириш объектлари, шартлари ва шакллари юзасидан қабул қилинадиган қарорларнинг ошкоралиги ва очиқлигини таъминлайди, хусусийлаштириладиган корхоналар - эмитентлар ва улар томонидан чиқариладиган қимматли коғозлар тўғрисидаги ахборотни тарқатади, шунингдек маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб этиш мақсадида реклама-ахборот ишларини амалга оширади;
  • хусусийлаштириш объектларининг сотувчиси функциясини амалга оширади, уларнинг бошланғич сотув нархини, инвестициялар ҳажмини, савдоларнинг тури ва шартларини белгилайди, шу жумладан, давлатга тегишли қимматли қоғозларни мустақил равишда ёки шартнома асосида жалб этиладиган маҳаллий ва хорижий инвестиция воситачилари орқали ички ва халқаро бозорларда, биржа савдолари ва биржадан ташқари савдоларда сотади;
  • хусусийлаштириш объектларининг олди-сотдиси бўйича Давлат рақобат қўмитаси томонидан тузиладиган битимларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши, шу жумладан, инвесторлар томонидан инвестиция мажбуриятларининг бажарилиши мониторингини олиб боради;
  • янги мулкдорга хусусийлаштирилган объектга мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ордер (сертификат) беради, шунингдек харидорнинг хизмат кўрсатувчи инвестиция воситачисига унинг томонидан сотиб олинган акцияларни ўтказишга (разблокировка қилишга) депо топшириғини тақдим этади;
  • хусусийлаштириш билан боғлиқ жараёнларни таҳлил қилади ҳамда хусусий мулкдорлар томонидан хусусийлаштириш объектлари сотилишининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлайдиган хусусийлаштиришнинг янги шакллари ва усулларини жорий этиш, шу жумладан, мулкий муносабатларни тартибга солувчи нормаларни такомиллаштириш юзасидан таклифларни шакллантиради;

б) қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш ва корпоратив бошқарув соҳасида:

  • қимматли қоғозлар бозорини ривожлантиришга, шунингдек қимматли қоғозлар биржа савдоси тамойилларига риоя қилишни таъминлашга доир чоралар кўради;
  • молиявий воситаларнинг янги турларини, шу жумладан, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун зарур ресурсларни жалб этиш имконини берадиган қимматли қоғозлар ҳосилаларини жорий этишга кўмаклашади;
  • давлат бошқарувининг манфаатдор органлари билан биргаликда қимматли қоғозлар бозорини, шунингдек ушбу бозорни ривожлантириш учун зарур муҳит ва инфратузилмани шакллантириш ва уларнинг амал қилиши жараёнларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини кўради;
  • қимматли қоғозлар бозорида фуқароларнинг ва хорижий инвесторларнинг, шу жумладан, инвестицион ва профессионал фаолиятни рағбатлантириш, қимматли қоғозлар бозорида жамоавий инвестиция қўйиш шартларини такомиллаштириш йўли билан фаоллигини ошириш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;
  • савдоларни ўтказишнинг электрон шаклига тўлиқ ўтишни ва қимматли қоғозлар бўйича ҳисоб-китоб қилишни назарда тутувчи қимматли қоғозлар бозори фаолият кўрсатишининг халқаро амалиётини жорий этиш чораларини кўради;
  • корпоратив бошқариш тизимини такомиллаштириш билан боғлиқ жараёнларни таҳлил қилади ва корпоратив муносабатларни тартибга солувчи нормаларни такомиллаштириш юзасидан таклифларни шакллантиради;
  • хўжалик жамиятларида корпоратив бошқаришни такомиллаштириш, шу жумладан, уларнинг ташкилий тузилмасини такомиллаштириш бўйича халқаро тамойиллар ва қоидалар асосида тавсиялар ишлаб чиқади;
  • давлат-акциядорлик компанияларининг ва устав фондида давлат улуши бўлган, республика иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган бошқа хўжалик жамиятларининг ижроия органи ҳамда кузатув кенгаши раҳбарларининг корпоратив бошқаришнинг сифатли тизимини жорий этиш бўйича ҳисоботлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида вақти-вақти билан эшитилишини ташкил этади;
  • давлат активларини самарали бошқариш бўйича "Давлат активларини бошқариш маркази" ДУКнинг ҳамда корпоратив бошқариш ва қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш бўйича Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази фаолиятини мувофиқлаштиради ҳамда улар фаолияти мониторингини олиб боради, шунингдек уларнинг самарали ўзаро ҳамкорлик қилишини таъминлайди;
  • акциядорлик жамиятларида бошқарув ва назорат органлари фаолиятининг амалий масалаларини акс эттирувчи корпоратив бошқариш бўйича қўлланмалар чиқаради, шунингдек инвесторлар ва қимматли қоғозлар бозори қатнашчиларини таълим жиҳатидан қўллаб-қувватлашнинг шакллантирилишига кўмаклашади;
  • халқаро ташкилотлар доирасида икки томонлама ва кўп томонлама самарали ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш йўли билан корпоратив бошқариш ва қимматли коғозлар бозорини тартибга солиш соҳасидаги халқаро муносабатларни ривожлантиришга кўмаклашади;

в) давлат мулки объектларини тасарруф этиш, шу жумладан, уларни хатловдан ўтказиш, ҳисобга олиш ва самарали бошқариш соҳасида:

  • давлат корхоналари ва муассасаларининг, шунингдек давлат корхоналари ва муассасаларини хусусийлаштириш жараёнида ташкил этиладиган хўжалик жамиятларининг Ўзбекистон Республикаси номидан муассиси бўлади;
  • қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси номидан давлат акциялар пакети (улуши) бўйича хўжалик жамиятларининг акциядори (иштирокчиси) ҳуқуқларини амалга оширади, шунингдек ушбу ҳуқуқларни ишончли бошқарувчиларга ва бошқа шахсларга беради;
  • "Давлат активларини бошқариш маркази" ДУК бошқарувига бериладиган хўжалик жамиятлари акциялари пакетлари (улушлар) рўйхатини Акциядорлик бирлашмалари ва компанияларидаги акциялар давлат улушидан самарали фойдаланилиши устидан мониторинг олиб бориш комиссиясига тасдиқлаш учун киритади;
  • давлат кўчмас мулкини, давлат корхоналари ва муассасаларини, устав фондида давлат улуши бўлган хўжалик жамиятларини, шу жумладан, чет элдаги ва давлат номидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа давлат органлари иш кўрадиган хўжалик жамиятларининг, давлат кўчмас мулкини хатловдан ўтказади ва ҳисобга олади (хатловдан ўтказиш ва ҳисобга олиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда тегишли ваколатли давлат органлари томонидан юритиладиган мол-мулк бундан мустасно);
  • давлат акциялар пакетларини (улушларни) ва бошқа мол-мулкни қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ташкил этиладиган ва фаолият кўрсатаётган хўжалик жамиятларининг устав фондларига киритади;
  • давлат мулки бўлган мол-мулкнинг ижарага берувчиси бўлади, ушбу ваколатларни амалга ошириш ҳуқуқи бошқа давлат органлари ва ташкилотларига берилган ҳоллар бундан мустасно;
  • давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан давлат корхоналарига давлат мулкини бериш юзасидан давлат корхоналари ташкил этилиши келишилишини амалга оширади;
  • Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибга мувофиқ давлат мулкини бошқариш масалалари бўйича давлат органларининг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштиради;
  • республика иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган хўжалик жамиятлари рўйхати бўйича таклифларни Акциядорлик бирлашмалари ва компанияларидаги акциялар давлат улушидан самарали фойдаланилиши юзасидан мониторинг олиб бориш комиссиясига кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритади;
  • хўжалик жамиятларида давлат улушларини бошқариш бўйича давлат ишончли вакиллари ва инвестиция активларининг ишончли бошқарувчиларини, шунингдек акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқидан фойдаланувчи ("олтин акция") давлат вакилларини тайинлаш ва озод этиш юзасидан таклифларни Акциядорлик бирлашмалари ва компанияларидаги акциялар давлат улушидан самарали фойдаланилиши устидан мониторинг олиб бориш комиссиясига кўриб чиқиш учун киритади;
  • давлатнинг ишончли вакиллари, инвестиция активларининг ишончли бошқарувчилари, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса - бошқа юридик шахслар билан хўжалик жамиятларидаги давлат улушларини ишончли бошқариш шартномалари тузилишини таъминлайди;
  • давлатнинг ишончли вакиллари, давлат активларини ишончли бошқарувчилар фаолияти мониторинги олиб борилишини таъминлайди, акциядорларнинг (иштирокчиларнинг) умумий йиғилишларида ва кузатувчи кенгашлар мажлисларида овоз бериш тартиби бўйича уларга кўрсатмалар беради, шунингдек уларни тақдирлаш тартибини белгилайди;
  • устав фондида давлат улуши бўлган хўжалик жамиятларининг молиявий-хўжалик фаолиятини таҳлил қилади, жамиятнинг бизнес-режаси параметрлари мунтазам равишда бажарилмаган тақдирда эса - жамиятнинг ижро этувчи органи таркибини ўзгартириш ташаббуси билан чиқади;

г) монополияга қарши тартибга солиш, рақобат муҳитини ривожлантириш ва табиий монополиялар субъектлари фаолиятини назорат қилиш соҳасида:

  • монополияга қарши тартибга солишни янада такомиллаштириш, рақобатни ривожлантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади, уларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, бошқа давлат органларига ва хўжалик бошқаруви органларига юборади;
  • рақобатга қарши хатти-ҳаракатларни ва тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)нинг, шунингдек Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрига киритилган хўжалик юритувчи субъектлар ёки шахслар гуруҳи томонидан кўрсатиладиган молиявий хизматларга нархлар асоссиз ўсишини аниқлайди ва уларнинг олдини олади;
  • товар ва молия бозорларида рақобат муҳитининг ҳолатини ўрганади ва хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳларининг устунлик мавқеини аниқлайди, шахслар гуруҳлари қатнашчиларининг таркибини аниқлайди;
  • товар ёки молия бозорида устунлик мавқеини эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар ва табиий монополиялар субъектлари давлат реестрларини шакллантиради ва юритади;
  • хўжалик юритувчи субъектларни ташкил этиш, уларни қўшиш ёки бирлаштиришда, хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондида (устав капиталида) акцияларни (улушларни) сотиб олишда рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш, шунингдек табиий монополиялар субъектларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатишда табиий монополиялар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;
  • табиий монополиялар субъектларининг товарлари (ишлари, хизматлари)га нархлар ва тарифларни таҳлил қилади ҳамда табиий монополиялар субъектлари томонидан тақдим этиладиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархларининг асоссиз ошириб юборилишидан ва сифати пасайишидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади;
  • тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)га ва товарлар (ишлар, хизматлар)га устама нархларга риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширади;
  • табиий монополиялар субъектлари ва устунлик мавқеини эгаллаган хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини нархларни шакллантиришда декларация қилиш (тасдиқлаш) учун тақдим этилган ҳисоб-китобларнинг асосланганлиги юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текширади;
  • рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган хўжалик юритувчи субъектлар ва давлат органлари реестрини юритади ва эълон қилади;
  • марказлаштирилган манбалар ҳисобига амалга ошириладиган капитал қурилишда бошланғич нархлар шаклланиши устидан назоратни амалга оширади;
  • ўз ваколатлари доирасида хўжалик юритувчи субъектларни инсофсиз рақобатчилардан ва давлат органларининг ноқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларининг рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузувчи хатти-ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилишни таъминлайди;
  • ўз ваколатлари доирасида давлат органлари ва устунлик мавқеини эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хўжалик юритувчи субъектларнинг товар ёки молия бозорларига киришини таъминлаш бўйича қонун ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар ижро этилишини назорат қилади;
  • маҳсулотларнинг монопол турларини биржа савдоларига қўйиш тўғрисида белгиланган тартибда қарор қабул қилади;
  • маҳсулотларнинг юқори ликвидли ва монопол турларининг биржа савдоларига қўйилишини белгиланган тартибда назорат қилади;
  • танлов (тендер) ва биржа савдолари ўтказишда рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат қилади;
  • табиий монополиялар субъектлари томонидан товарлар (хизматлар)ни реализация қилиш тартибига риоя этилишини назорат қилади ва мажбурий хизмат кўрсатилиши керак бўлган истеъмолчилар рўйхатини аниқлаш юзасидан таклифлар киритади;
  • устунлик мавқеини эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар ва табиий монополияларнинг товарларига (ишларига, хизматларига) харажатларни камайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
  • юридик шахснинг индивидуаллаштирилган воситаларига ва товарни индивидуаллаштириш воситаларига мутлақ ҳуқуқни сотиб олиш билан боғлиқ инсофсиз рақобат ҳолатларини аниқлайди;
  • Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрига киритилган хўжалик юритувчи субъектлар ёки молиявий хизматлар кўрсатиш бўйича шахслар гуруҳи томонидан кўрсатиладиган молиявий хизматлар нархлари устидан мониторинг олиб боради;

д) истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш соҳасида:

  • истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун хужжатларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат қилади;
  • истеъмол товарларига нархлар ва хизматларга тарифлар мониторингини олиб боради, бозорда сифатсиз истеъмол товарлари ва хизматлар пайдо бўлишининг олдини олиш чораларини кўради;
  • жамоат тузилмалари билан биргаликда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоя қилинишини, шунингдек аҳолининг истеъмол маданиятини ошириш бўйича маърифий ишлар олиб борилишини амалга оширади;
  • реклама соҳасида инсофсиз рақобатга йўл қўймаслик ва нотўғри рекламага барҳам бериш мақсадида реклама бозорини тартибга солиш чора-тадбирларини кўради;
  • давлат органлари билан биргаликда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ва реклама соҳасида инсофсиз рақобатнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини мувофиқлаштиради;

е) банкротлик, иқтисодий ночор корхоналарни таркибий қайта ўзгартириш ва суд бошқарувчилари фаолияти устидан назорат қилиш соҳасида давлат томонидан тартибга солишни амалга ошириш соҳасида:

  • устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарнинг молиявий ҳолатини, шу жумладан, тўловга қодир бўлмаган, зарар кўриб ишлайдиган ва иқтисодий ночор корхоналарни аниқлаш мақсадида маълумотлар базасини юритиш йўли билан мониторинг ва таҳлил қилади, шунингдек манфаатдор давлат органлари билан биргаликда уларни молиявий соғломлаштириш юзасидан комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;
  • давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг таклифлари асосида банкротлик таомилларини қўллаш ташаббуси билан чиқиш, устав фондида давлат улуши бўлган иқтисодий ночор корхоналарни таркибий қайта ўзгартириш ва ихчамлаштириш тўғрисида қарор қабул қилади;
  • устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарда банкротлик таомилларининг бориши устидан назоратни ташкил этади, шунингдек судгача санация, суд санацияси ва ташқи бошқарув режаларини келишади;
  • тижорат банкларига берилган (реализация қилинган) банкрот корхоналар бўйича ишлаб чиқариш фаолиятини тиклаш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш бўйича инвестиция мажбуриятлари бажарилиши мониторингини олиб боради;
  • иқтисодий ночор корхоналарда банкротлик ёки судгача санация таомилларини амалга оширишда кредиторларнинг манфаатлари ва акциядорлар (қатнашчилар)нинг мулкий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди;
  • устав фондида давлат улуши бўлган ва (ёки) пул мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикаси олдида қарздор бўлган корхоналарнинг судгача санациясини ўтказиш, узайтириш ёки муддатидан олдин тўхтатиш тўғрисида, шунингдек судгача санация қилиш тўғрисида қарор қабул қилади;
  • таркибий ўзгартирилиши керак бўлган иқтисодий ночор, зарар кўриб ишлаётган ва паст рентабелли корхоналарнинг, шунингдек уларга нисбатан банкротлик таомиллари қўлланилган корхоналарнинг қурилиши тугалланмаган объектларини ҳамда асосий фондларини консервация қилиш ва сотиш масалаларини кўриб чиқади ва бу ҳақдаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;
  • суд бошқарувчиларини тайёрлаш тизимини ташкил этади, уларни аттестациядан ўтказади ҳамда суд бошқарувчиларининг ягона реестрини юритади, суд бошқарувчилари аттестатини бериш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилади;
  • давлат томонидан қўллаб-қувватланган корхоналарнинг судгача санациясини узайтириш ва муддатидан олдин тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилади;
  • зарар кўриб ишлаётган, тўловга қодир бўлмаган ва иқтисодий ночор корхоналарни таркибий қайта ўзгартириш, ихчамлаштириш, молиявий соғломлаштириш ва судгача санацияни амалга ошириш даврида қонун ҳужжатларида назарда тутилган шаклларда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;
  • давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг зарар кўриб ишлайдиган ва иқтисодий ночор корхоналарни таркибий қайта ўзгартириш, молиявий соғломлаштириш дастурларининг амалга оширилиши тўғрисидаги ҳисоботларини эшитади;
  • ташқи бошқарувчиларнинг, шунингдек давлат томонидан қўллаб-қувватланган ёхуд мулкида давлат улуши бўлган санация қилинаётган корхоналар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитади;

ж) биржа, баҳолаш ва риэлторлик фаолиятини лицензиялаш соҳасида:

  • биржа, баҳолаш ва риэлторлик фаолиятини лицензиялайди;
  • баҳоловчилар ва риэлторларга малака талабларини белгилайди, уларга малака сертификатлари беради;
  • лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилади;
  • биржалар, баҳолаш, риэлторлик ташкилотлари ва риэлторларнинг лицензиялари ҳамда баҳоловчилар ва риэлторларнинг малака сертификатлари реестрини юритади;
  • махсус ваколатли давлат органи билан биргаликда биржа аъзолари ва риэлторлик ташкилотлари учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мониторинг олиб боради ва ушбу қоидаларга риоя этилишини назорат қилади;

з) фаолиятнинг бошқа соҳаларида:

  • Давлат рақобат қўмитаси ваколатига кирадиган масалалар бўйича юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқади;
  • Давлат рақобат қўмитаси ваколатига кирадиган масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ва методологик базани ишлаб чиқади ва такомиллаштиради;
  • Давлат рақобат қўмитаси ваколатига кирадиган масалалар бўйича қонун ҳужжатлари бузилишини бартараф этиш юзасидан ўз ваколатлари доирасида зарур хатти-ҳаракатларни амалга оширади;
  • Давлат рақобат қўмитаси ваколатига кирадиган масалаларнинг ҳал этилиши бўйича сансалорлик, бюрократизм, муддатлар чўзилиши ҳолатларини аниқлайди ва уларнинг бартараф этилишини таъминлайди;
  • кадрларни қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этишни таъминлайди, Давлат рақобат қўмитаси ҳамда идоравий мансуб тузилмаларининг раҳбарлари ва мутахассисларини аттестациядан ўтказади;
  • халқаро ҳамкорликни ва ўзига юкланган бошқа функцияларни амалга оширади.
  • Давлат рақобат қўмитаси ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита, шунингдек ҳудудий органлар ва унинг идоравий мансуб тузилмалари орқали амалга оширади.